Давлат жамғармаси ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (Жамғарма) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 17 августида “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3225 – сонли қарори билан ташкил топди.

Жамғарма давлат ташкилоти шаклида ташкил қилиниб, унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 704 – сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида қуйидаги йўналишларда амалга оширилади:
- кичик тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш ва кредит ажратиш, шу жумладан ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва йўналишларга кредит ажратиш шартларини енгиллаштиришга кўмаклашиш;
- кичик тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринлари ташкил этиш имконини берадиган давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, лойиҳалар ҳамда тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш;
- кичик тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги турдаги маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек ишлаб чиқариш фаолиятига самарали янги технологияларни жорий этишга кўмаклашиш;
- илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда республикада кичик тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш муаммоларини ўрганишга доир комплекс илмий ва амалий тадқиқотлар амалга оширилишини ташкил этиш.
    
Жамғарма маблағлари:
Тошкент шаҳридаги Кичик саноат зоналари кафолат жамғармасини ва Кичик тадбиркорликни ривожлантириш кафолат жамғармасини кейинчалик тугатиш ва уларнинг 50 миллион АҚШ доллари ҳамда 100 миллиард сўм миқдоридаги тегишли пул маблағлари шаклида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги ПҚ-3225-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотлар бадаллари ҳисобидан шакллантириладиган Жамғарманинг бошланғич бадали;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ушбу мақсадлар учун ҳар йилги тасдиқланадиган ажратмалар доирасидаги маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар йилги соф фойдасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтириладиган қисми;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорларнинг Жамғарма зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган кредитлари (қарзлари) ва грантлари;
Жамғарманинг, жумладан, депозитларни жойлаштириш, кафолатлар беришдан тушадиган даромадлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

 

 

Telefon raqami:
Manzil:
Ўзбекистон Республикаси,
Тошкент шаҳри, 100027,
Қоратош кўчаси 1 уй