Жамғарманинг компенсациялари

microcredits

Компенсация нима?
Давлат жамғармасининг компенсацияси – кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан маълум бир соҳаларни ривожлантириш мақсадида олинадиган банк кредитлари бўйича тўланадиган фоиз ставкасининг бир қисмини беғараз тарзда қоплаб берилиши.
Бунда кичик тадбиркорлик субъектларининг банк фоиз ставкаси маълум миқдорга камайтирилади ва камайтирилган қисми банк муассасасига Давлат жамғармаси томонидан ҳар ойда график асосида тўлаб борилади.

Компенсация қандай шартларда берилади?
тижорат банкларидан миллий ёки хорижий валютада умумий қиймати (эквивалентида) 8,0 (саккиз) миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кредитлар бўйича:
- миллий валютада ажратиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўрнатилган қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан (21 фоиздан) ошмайдиган фоиз ставкасида — 5 фоизли пункт миқдорида;
- миллий валютада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сонли «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сонли «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида» Фармонидаги лойиҳалар учун — 8 фоизли пункт миқдорида;

- хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича банк фоиз харажатларининг 40 фоизи, бироқ йиллик фоиз ставкасининг 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдори Жамғарма томонидан компенсациялар тижорат банкларига қоплаб берилади.

Компенсациядан кимлар фойдаланиши мумкин?
- фермер хўжаликлари;
- оилавий корхоналари;
- дехқон хўжаликлари;
- масъулияти чекланган жамиятлари;
- хусусий корхоналари;
- қўшма корхоналари;
- якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари 
  ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча кичик тадбиркорлик субъектлари

Жамғарманинг компенсациялари қуйидаги йўналишларда лойиҳаларни молиялаштириш учун берилади: 
1. Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда: 
- энергия самарадорлиги юқори бўлган замонавий иссиқхоналар қуриш;
- чорвачилик;
- паррандачилик;
- балиқчилик;
- қуёнчилик;
- асаларичилик;
- узумчилик ва боғдорчиликни;
- интенсив боғларни ривожлантиришга доир лойиҳалар;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш;
- мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича инфратузилмани ташкил қилиш;
- мева-сабзавот маҳсулотларини транспортировка қилиш билан боғлиқ логистика марказларини ташкил қилиш;
- пиллачиликни ривожлантириш, шу жумладан ипак қуртини боқиш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида тут кўчатлари экиш ва янги тутзорлар барпо этиш, пилла қуритиш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарини ташкил қилиш, уларни қайта жиҳозлаш ва янгилаш, соҳага алоқадор барча корхона ва ташкилотлар томонидан бевосита пилла етиштирувчиларга аванс тўловларини амалга ошириш бўйича лойиҳалари бўйича компенсациялар тижорат банкига қоплаб берилади.

2. Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида:
- Кўп квартирали уйлардаги умумий фойдала
ниладиган жойларни бошқарув компаниялари томонидан ободонлаштириш ва таъмирлаш лойиҳалари бўйича миллий валютадаги кредит фоизининг 5 фоизи компенсация тарзида банкка қоплаб берилади.

3. Ёш тадбиркорларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:
- миллий валютада, қиймати 8 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги — ёш тадбиркорлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияси билан Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағлари ҳисобидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар бўйича — 3 фоизли пункт миқдорида

4. Халқаро молиявий институтлар ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилган лойиҳалар бўйича:
- хорижий валютада, 2017 йил 5 сентябргача (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 29 мартдаги ПФ–5388-сонли Фармонининг 8 банди)
- иссиқхоналар қуриш;

- интенсив боғлар яратиш; 
- музлатгичлар қуриш учун халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобидан ажратилган валюта кредитлари бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

Компенсацияларни тўлаш тартиби қандай?
Сиз паррандачиликни ташкил қилиш мақсадида банкдан 1,0 (бир) миллиард сўмлик 5 йил муддатга йиллик ҳисобда 14 фоиздан ошмаган миқдорда кредит олиш ниятидасиз.
Банк кредитини олиш учун Сизда гаров таъминоти ҳам етарли. Лекин банкнинг фоиз ставкаси йиллик 18 фоиз бўлиб, лойиҳангизнинг Бизнес режаси параметрлари бўйича рентабеллик даражаси ва пул оқимларига мос келмаяпти. 
Бундай ҳолларда Сизга Давлат жамғармаси молиявий кўмак беради. Яъни, банк томонидан белгиланган фоиз ставканинг йиллик 18 фоизидан 5 фоизини Сиз учун банкингизга тўлаб боради. Сиз эса йиллик ҳисобда 13 фоиз миқдорида кредит бўйича фоизларни тўлаб борасиз. 
Хорижий банклар ва халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан, шунингдек республикамиз тижорат банкларининг хорижий валюталарда ўз маблағлари ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича йиллик фоиз ставкаларининг 40 фоизи Давлат жамғармаси томонидан тўлаб борилади. Мисол учун, банкингиз фоизи йиллик ҳисобда 7 фоизни ташкил қилса, унинг 40 фоизини ёки йиллик 2,8 фоизини Давлат жамғармаси тўлайди, қолган 4,2 фоизини тадбиркорлик субъекти тўлайди. 
Компенсация бўйича тўлов муддатлари банк билан тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилган кредит шартномасида кўрсатилган муддатлар билан бир хил тартибда амалга оширилади.

Компенсация тадбиркорга нима беради?
Компенсация орқали иқтисод қилинган пул маблағлари тадбиркорлар томонидан янги лойиҳаларни амалга ошириш, ўз бизнесини кенгайтириш, янги ишчи ўринлар яратиш, хайрия ва бошқа мақсадлар учун сарфланиши мумкин.

 


МУҲИМ МАЪЛУМОТ:
Давлат жамғармаси томонидан тадбиркорнинг битта лойиҳаси бўйича кафиллик ёки компенсацияга мурожаати қабул қилинади!


Мурожаат учун телефонлар: +998 71 238 69 07 ёки +998 71 238 69 15

 

Telefon raqami:
Manzil:
Ўзбекистон Республикаси,
Тошкент шаҳри, 100027,
Қоратош кўчаси 1 уй