Жамғарманинг кафиллиги

поддержка
 

Кафиллик қандай тартибда берилади?
Масалан Сиз ғишт ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар сотиб олиш мақсадида тижорат банкидан 800 000 000,0 (саккиз юз миллион) сўм миқдорида кредит олиш истагидасиз. 
Сиз банк филиалига мурожаат қиласиз ҳамда кредитнинг шартлари, гаров таъминоти объектини, фоиз ставкаси, кредитни сўндириш муддатлари ва шартларини  келишиб оласиз. Тижорат банклари томонидан гаров таъминоти кредит суммасидан 125% миқдорида олинади ва бизнинг мисолимизда кредитнинг таъминоти 1,0 (бир) млрд. сўмдан кам бўлмаган миқдорда бўлиши керак.
Шундай қилиб, банкдан 800,0 млн. сўм кредит олиш учун Сиз 1,0 млрд. сўмлик кўчар ёки кўчмас мулк, қимматли қоғозлар, учинчи шахс кафиллиги, кредит қайтмаслиги хатаридан суғурта полиси ёки банк учун мақбул бўлган бошқа таъминотни тақдим қилишингиз шарт бўлади. 
Гаров таъминотингиз атиги 1% га етмаган тақдирда ҳам банк томонидан Сизнинг лойиҳангизга кредит берилмаслигига асос бўлиши мумкин.
Гаров таъминотингиздаги етишмаган қисмини қоплаш учун Сизга Давлат жамғармасининг кафиллиги ёрдам беради!

Давлат жамғармасининг кафиллиги - банк кредити суммасининг 50 фоизигача, бироқ 2,0 млрд. сўмдан ошмаган миқдорда кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида олинадиган узоқ ва қисқа муддатли кредитларга берилади.

Кафиллик кимларга берилади?
- фермер хўжаликлари;
- оилавий корхоналари;
- дехқон хўжаликлари;
- масъулияти чекланган жамиятлари;
- хусусий корхоналари;
- қўшма корхоналари;
- якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари 
  ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча кичик тадбиркорлик субъектларига берилади.

Кафилликлар қайси йўналишларни молиялаштириш учун олинадиган кредитларга берилади?
Давлат жамғармасининг кафиллиги қуйидагилардан ташқари барча йўналишларни молиялаштиришга тақдим қилинади:
- аввал олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзларни қайтариш;

- спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
- савдо-воситачи ташкилотлар ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш;    
- савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектларини қуришни молиялаштириш;
- таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш, шунингдек бошқа мақсадлар учун ускуналар харид қилиш. 

Кафиллик қандай расмийлаштирилади?
Тадбиркор томонидан кафиллик олиш учун кредит олинаётган банк филиали бошқарувчиси номига кредит сўраб ёзиладиган аризанинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллигини олиб беришини сўраб мурожаати асосида расмийлаштирилади.
Сиз томонингиздан ёзма мурожаат бўлса бўлди, қолган барча ишларни Сиз учун банкингиз билан биз амалга оширамиз!


МУҲИМ МАЪЛУМОТ:
Кафиллик берилганлиги учун кичик тадбиркорлик субъектларидан миллий валютада кафиллик суммасининг 1 фоизи миқдорида, бир марталик олдиндан тўлов тарзида воситачилик ҳақи ундирилади

Мурожаат учун телефон рақамларимиз: +998 71 238 69 30 ёки +998 71 238 69 15


Биз Сизга хизмат қилишдан мамнунмиз!

Telefon raqami:
Manzil:
Ўзбекистон Республикаси,
Тошкент шаҳри, 100027,
Қоратош кўчаси 1 уй